Ҳимояламайдиган қонунлар ва органлар ҳақида

@sukutsaqlama саҳифаси администратори ёзяпти. Исмим Нигора. Афсуски, мен ҳам зўравонликка дуч келдим. Ҳайрият, ўз оиламда эмас. Ачинарлиси, таҳдид ўйлаганингиздан ҳам яқинроқ…

Неча йилдирки, зўравон қўшни билан бир подъездда яшаб келамиз.

Аёл ўз қизи билан яшайди. Доимо уйига ҳар хил бегона аёл-эркаклар келиб, спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, подъездда тўполон қилиб келишарди. Узоқ йиллардан бери унинг қилиқларига барча қўшнилар индамай келарди. Бир неча бор милиция чақиришган, лекин иш участка нозиридан нарига ўтмасди. У доимо акасини пеш қилади. Гўёки у собиқ спецназ ходими бўлиб, ҳаммамизни йўқ қилармиш.

Қўшним подъездга аҳлат чиқаргани учун у билан сен-менга бориб қолганмиз. Ачинарлиси, аҳлатни ўз эшиги ёнига эмас, менинг эшигимга яқинроқ жойга қўярди. Мен яхшиликча гапирдим, нега сизларнинг аҳлатингизни мен чиқаришим керак, десам, қиласан-да ва бир қатор куракда турмайдиган сўзларни эшитдим. Мен ҳақоратларга чидамай участка нозирини чақирдим. Унинг олдида ҳам қўшним мени ҳақорат қилишда давом этди.

«Ж..б, ўша келган жойингга жўна, кийволган кийимини қаранглар, бомжсан-ку, дешёвка” ва шу каби куракда турмайдиган сўзлар билан мени шаъним ва инсонийлик ғуруримга тегди.

Иш судгача борди. Июнь бошида суд бўлиб ўтди. Қўшним уч “минималка” билан қутулди. Суддан кейин ҳеч қанча ўтмасдан қўшним ичволиб, яна тўполонини бошлади. Энди эшигимни бузиб, мени ва болаларимни сўйиш билан таҳдид қилди. Воқеани видеога ёзиб олдим. Биринчи судда менинг Қирғизстонда туғилганимни билиб қолди. Бу сафар энди “Қирғизстон фуқаросига ўлиииим” деган сўзлар ҳам қўшилди. Ваҳоланки ўзбекман ва Ўзбекистон Республикаси фуқаросиман.

Яна ички ишлар ходимларини чақирдим, участка нозири, гувоҳлар. Деярли бир соат давомида орган ходимлари қўшнимни бўлимга ўтишга таклиф қилишди. Мен уларнинг орқасида турардим. Қўшним ҳақоратлар ёғдиришда давом этарди. “Шу ж..б ни ўлдириб, кейин бўлимга бораман”, деб ичкарига кирди ва бирдан қўлида пичоқ билан чиқиб, менга отилмоқчи бўлди. Миллий Гвардия ходими уни ушлаб қолди.

Биз ҳам ички ишлар бўлимига ўтдик. У ерда мени ҳақорат қилиш, сўйиш билан таҳдид қилишда давом этиб, бир неча бор менга ташланмоқчи ҳам бўлди. Ички ишлар ходимларининг айтишича, менинг уйимда менга таҳдид қилмагани учун унинг қилиғи бор йўғи “безорилик” деб кўриларкан. Мантиқан буни ҳечам англолмаяпман.

Шу кунларда суд бўлади. Майда безорилик ва ички ишлар бўлими ходимига бўйсунмаганлик учун. 183-модда ва 194-модданинг 2 қисми.

Шунақа гаплар. Сизга пичоқ билан ташланишлари, сизга ва болаларингизга таҳдид қилишлари, миллатингиз бўйича ҳақорат қилишлари мумкин. Лекин иккинчи марта ҳам суд майда безорилик моддаси бўйича бўлиб ўтади.

Мен нимани кутай? Жиноий кодекс бўйича иш қўзғатилишини ҳадик билан кутиб яшайми? Мени ва болаларимни ваъда берганидай сўймаслигига ким кафолат беради? Нега хотин-қизлар масалалари бўйича масъуллар бунга жиддий қарамайди? Нега ички ишлар бўлимидан уни наркология диспансерига олиб бориб, текширишмади. Саволлар кўп, лекин жавобларни ҳеч кимдан ололмадим.