«Аёл бошингиз билан фермер бўлишга нима бор?..»

Мамлакатимизда гендер тенглиги тўғрисидаги ҳукумат қарори чиққанида жуда қувондим. Лекин, афсуски, қувончим узоққа бормади.

Фермер хўжалиги раҳбариман. Оғир тоғ ҳудудида 3 йилдан бери меҳнат фаолиятимни олиб бораман. Ўтган йили Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги мансабдор шахслари аёл бўлганим учун менга тегишли бўлган ер майдонимни ноқонуний тарзда манфаатдорона қарорлар чиқариб, бошқа пулдор эркак фермерга бериб юборишди.

Мен барча тегишли органларга мурожаатлар қилиб, адолат ва ҳақиқат қарор топишида курашиб келмоқдаман. Минг афсуски, ҳамма ерда мени камситиб, аёллар қиладиган ишми бу – фермерлик, тинчгина уйингизда ўтирмайсизми, деган гапларни эшитиб келмоқдаман. Ҳатто туман маьмурий суди судьяси ҳам ер менга тегишли эканини тасдиқловчи ҳужжатларни инобатга олмай, ўша пулдор фермер тарафини олиб, ноқонуний қарор чиқарди. Қани адолат? Қани гендер тенглиги? Меҳнат фаолиятимда шундай гендер стереотипларига дуч келиб, адолат ўрнатишда қийналиб курашиб келмоқдаман.

Гендер тенглиги тўғрисидаги ҳукумат қарорини жойлардаги барча бошқарув органларида мазмун-моҳиятинини тушунтириб, ижросини таьминлаш бўйича ишлар олиб борилиши лозим. Мансабдор шахслар онгига етказиш зарур. Ахир аёллар барча меҳнат жабҳаларида эркаклардан қолишмай, намуна бўлиб келаётганлари ҳаммага аён-ку. Агар тегишли мутасаддилар ушбу мурожаатимни ўқисалар, биздек меҳнаткаш фермер аёлларни камситмасдан, менинг фермерлик фаолиятимни давом эттиришимда ҳамда қонунбузарликларга чек қўйилиб, адолат қарор топилишида амалий ёрдам берсалар аъло бўларди.

Фермер Фотима Эгамбердиева