Уй зўравонлигининг қандай турлари мавжуд

Биз уй зўравонлиги маиший низолардан нима билан фарқланишини кўриб чиққанмиз.. Низо локал кўринишга эга бўлиб, у ҳал қилинадиган аниқ бир муаммога асосланади, ундан кейин такрорланмайди. Зўравонлик эса зиддиятлар тизимлидир. Зўравонлик ҳолатида бир киши доимо бошқасини назорат қилади ёки назорат қилишга уринади ва унинг хатти-ҳаракатлари ва ҳис-туйғуларини куч ва манипуляция орқали назорат қилади.

Уй зўравонлиги бирга яшаётган ёки яқин муносабатда бўлган яқин кишилар ўртасидаги муносабатларда юз беради. Кўпинча аёллар бу жиноятдан азият чекади ― БМТ маълумотларига кўра, дунёда уч аёлдан бири зўравонликни бошидан кечирган.

Лекин уй зўравонлигида нафақат аёллар азият чекади. Зўравонлик бир шахсга қаратилган бўлса ҳам, бошқа барча оила аъзолари ҳам «иккиламчи жабрланувчилар» бўладилар. Гап шундаки, зўравонликка гувоҳ бўлган одамлар зўравонликка бевосита дучор бўлган одамлар билан бир хил рухий жароҳат олишади. Мисол учун, отаси оналарига ҳақсизлик қилган фарзандлар қаттиқ азият чекади.

Уйдаги зўравонлик ўз қурбонларини маълум ижтимоий ёки этник гуруҳлардан танлаб олмайди; у аҳолининг турли қатламларидаги оилаларда мавжуд. Уни қандай аниқлаш мумкин?

Уй зўравонлигининг кўринишлари
Руҳий зўравонлик асосий стратегиялардан бири – бу аёлни унинг яқинларидан яккалаш. Аёлга «дугоналаринг ақлли эмас, улар сенга ҳасад қилади» деган гаплар уқтирилади. Бундай эркаклар тўйгача ўзларини буткул бошқача тутадилар, гўёки Ерда улардан яхши эркаклар йўқдек. Шу билан бирга, психологик қарамлик юзага келади, у аёлни қўлида олиб юриши билан бирга ҳар куни оз-оздан аёлда айб топади: «буни нотўғри қилдинг, бунда ақлингни ишлатмабсан» ва ҳоказо. Аёл ота-онасига ёки дўстларига бўлганлар ҳақида гапирса, улар бу муносабатга йўл қўймаслик кераклигини айтишади. Аёл хафа бўлади, эр эса «Мен сени жуда яхши кўраман. Сени огоҳлантирганман: улар бизнинг севгимизга қарши.» деган гапларни айтади. У аёлни жамиятдан яккалайди, гўёки улар ҳаммаси ёмон. Фақат у яхши. Бу ҳолат газлайтинг дейилади. Бунда инсон ёлғиз қолганда, унга ҳар куни оз-оздан унинг айблари кўрсатилади – сен нотўғри тушундинг, мен ундай демаганман, бўлмаган гаплар! Бунда аёл ўйлайди: «наҳотки, чиндан ҳам шундай бўлса?», «Ҳақиқатдан ҳам бунинг ёмон жойи йўқ», «Бу менинг айбим». Тажовузкорликдан сўнг доим асал ойи бошланади, аёл эса ёмон вазиятларда ҳам ўша асал ойини эслайди – у жуда меҳрибон эди-ку, у дунёдаги энг яхши эркак» деб ўзини ишонтиради. Бу аёлларнинг тажовузкорларни ташлаб кетмаслиги сабабларидан биридир..
Иқтисодий зўравонлик — бир киши оилада пул сарфлаш ҳақида қарор қабул қилади, ҳаражатларни назорат қилади, ишга боришга рухсат бермайди ёки қандай иш бўлиши кераклигини, пулни нималарга сарфланиши кераклигини назорат қилади.

Жинсий зўравонлик — жамиятимизда ҳали никоҳдаги зўрлаш каби ҳодиса ҳақида тушунча йўқ. Биз оилавий бурч бор деб ҳисоблаймих. Бир инсон ўз иродасига кўра ФҲДЁ органларига бориб, никоҳдан ўтган бўлса, ҳуқуқий турмуш ўртоғи у билан истаганини қилиши мумкин, аёл унга буткул итоат қилиши ва ўз истаклари ҳақида жим туриши керак дегани эмас.

Жисмоний зўравонлик — хотинларини уришни яхши кўрадиган эркаклар тоифаси мавжуд бўлиб, улар айниқса ўзларига қарам бўлган аёлларни баттар эзади. Масалан, у ишдан кетишга мажбур бўлади. Аёл ўз пулларига эга бўлмайди, у ҳеч кимга мурожаат қилолмайди. Жисмоний зўравонлик фақат уриш эмас. Бунга, шунингдек, итариш, назорат қилиш ҳам киради: деворга тираш, ўтишига қўймаслик ҳам шулар туркумидан.

Ўзбекистонда ҳам аёллар уй зўравонлигига дуч келади. Агар сиз шундай даврни кечираётган бўлсангиз ва ўз ҳикоянгизни бўлишмоқчи бўлсангиз, бизга аноним тарзда ёзишингиз мумкин: https://forms.gle/ZKCabhpzFM3ewTUz9