NeMolchi.uz

Турмушимиз аввалига жуда яхши эди...

Турмушимиз аввалига жуда яхши эди…

Мен 29 ёшдаман. Иккинчи курсда ўкиганимда турмушга чиқдим. Турмушимиз аввалига жуда яхши эди. Бир йил ўтиб ўғил фарзандли бўлдик. Мен бутунлай бола парваришига берилиб, шу билан бирга уй юмушларини ҳам қўлимдан келганча эплашга ҳаракат қилдим. Лекин қайнонам ҳар бир қилган ишимдан айб топиб, уйни эплай олмаяпти, деб турмуш ўртоғимга шикоят қилишни бошладилар. Бу турмуш ўртоғим ва менинг орамиздаги муносабатларнинг бузилишига сабаб бўлди.
Турмуш ўртоғим нафсониятимга тегадиган гаплар билан сўкиш, ота-онамни ҳақоратлаш, бирор нарса баҳонасида калтаклашни одат қилиб олдилар. Қайнонам эса тинчлантириш ўрнига, муросага келтириш ўрнига баттар бизнинг ўртамизда низо чиқаришга ҳаракат қилардилар. Шундай бўлса-да, ота-онамни, маҳалла-кўй гап сўзларини ўйлаб, оиламни бузмасликка ва бошимга тушган қийинчиликларга чидашга ҳаракат қилдим.
2015 йилда иккинчи ўғлим дунёга келди. Лекин хўрланишларим тугамади. Ҳақоратлардан, калтаклардан тўйиб кетган бўлсам ҳам, иккита норасида фарзандларимни ўйлаб ҳаммасига чидаб келдим. Бу орада қайнонам мени ақлан норасо одам – жиннига чиқара бошладилар. Ҳар бир гапда ҳақорат, киши нафсониятига тегадиган гаплар, ота-онамнинг шаънига айтилган ёмон сўзлардан иборат муомаладан руҳий тушкунликка тушиб қолган эдим. Эрим мен билан деярли тўғри гаплашмай қўйди. Мабодо гапирсалар ҳам, оғзиларидан фақат ҳақорат, камситишлар чиқарди, холос. Турмуш дегани шу экан, қийинчиликларга чидаш керак, ҳаммаси яхши бўлиб кетар деган умид билан тишимни тишимга қўйиб, эримнинг, қайнона-қайнотамнинг измига бош эгиб, тақдиримга тан бериб яшадим.
2018 йилда учинчи фарзандимга ҳомиладор бўлдим. Қайнонам бу пайтга келиб янги туҳмат тошларини ёғдирдилар ва мени «юради» деб гап тарқатдилар. Хонадоннинг барча жойларига микрофонлар ўрнатиб, ҳар қадамимни кузатишни бошлашди. Институтда ўқиб, битиргач фарзандларим ёш бўлгани учун уйда ўтирганим ҳам бу уйдирма гаплар беасослигига далил бўлмади. Бу туҳматга чидай олмасдан қорнимдаги 8 ойлик ҳомилам билан ота-онамнинг уйига кетиб қолдим. Турмуш ўртоғим ва қайнонам орқамдан бориб, оғзиларига келган гаплар билан барча оила аъзоларимни ҳақоратлашди. Фарзандим туғилишидан бир неча кун олдин турмуш ўртоғим келиб, «болаларимиз бор, юр уйга», деб олиб кетдилар. Отам сени яна хўрлашади, деб бунга қарши чиқдилар. Лекин мен фарзандларим деб қайтиб кетдим.
Қайтиб борган куним туғруқхонага боришимга тўғри келди ва учинчи ўғлим туғилди. Турмуш ўртоғим менга шунда фарзандларимиз ота-онангникига бошқа бормайди, деб шарт қўйди. Бунга қарши чиқмоқчи бўлганимда яна калтакландим. Бир неча бор илтимос қилиб кўрдим, лекин фойдаси бўлмади. Кичик фарзандимни ота-онам умуман кўришмади. Саккиз йил турмуш қурган бўлсак, шу давр ичида икки ойда бир марта отамнинг уйига боришга рухсат тегар эди, шунда ҳам фақатгина икки соатгагина. Укам уйланганда ҳам атиги 1 соатга борганман. Ота-онам ўз набирасини ҳам кўриши тақиқлангани жуда алам қилди ва эримга ота-онамдан воз кечганимдан кўра ажрашганим афзал деб гапирдим. Бунга жавобан «билганингни қил, лекин болаларни ташлаб кетасан» деган гапни эшитдим.
Ҳамма жойга микрофонлар, камералар ўрнатилган уйда 3 нафар фарзандимга қараб яшашимга қарамасдан, қайнонам яна мени юради деган туҳматларини давом эттирдилар, қандайдир одамлар исмларини айтиб, бўҳтон тошларини бошимга ёғдирдилар, жиннига чиқариб, психиатрга бориб учрашишимни гапириб ҳақоратладилар. Шу алфозда бир йил ўтди. Бу вақт ичида ота-онам фарзандларим дийдорини кўрмадилар. Икки гапнинг бирида ота-онамга қарата ҳақорат сўзлари янграрди. Онамга телефон қилганимда эримдан илтимос қилишни сўрадим. Онам не ҳолда эримга ялиниб ёрвордилар, бир ҳафта отамнинг уйига юборишга изн беришни илтижо қилдилар. Шунда эримдан «қизингиз ғирт жинни, олиб кетиб, тузатиб олинглар», деган гапларни эшитдилар. Отамнинг уйига келган кунимнинг эртасига эримга қўнғироқ қилиб, катта фарзандларимнинг соғлиғини сўрадим, шунда «сенга болалар йўқ» деган жавобни ва қатор сўкишларни эшитдим.
Бундай ҳаётдан тўйганлигим, турмушимни тиклашга умидим сўнганлиги боис, ажратишларини сўраб судга мурожаат қилдим. Болаларимни олиб кетмоқчи бўлиб мактабига, боғчасига бордим, лекин улар келмаётганлигини айтишди. Турмуш ўртоғимнинг хонадонига боришга қўрқиб, махалла қўмитасига бордим ва бу жойда маҳалла қўмитаси, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари иштирокида адвокат фарзандларимни менга беришни сўради. Қайнотам билан турмуш ўртоғим «болалар йўқ!» деб идорадан чиқиб кетишди. Мана икки ой бўлдики, мен она бўла туриб ўз фарзандларимни кўра олмаяпман. Қилган нима гуноҳларим учун мен шунча хўрликларга чидашим, фарзандларимдан жудо бўлишим, туҳматларга қолишим керак!?

Fikringiz yozing

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

uz_UZUZ
ru_RURU uz_UZUZ
uz_UZ