«Пул тўплаб, қочиш режасини тайёрлаганман»

Турмушимизнинг илк йилидаёқ менга қўл кўтарди. Ўшанда кетмоқчи эдим. Лекин кетмадим, ўзгарар, деб ишондим. Ёлвориб кечирим сўради, тиз чўкди.

Кейин яна ва яна. Болаларимни олиб қўйишидан қўрқиб ундан кетмадим. Дўқ-пўписа қиларди. У ўз ҳатти-ҳаракатларига жавоб бермайдиган даражада аҳмоқ эди.

Пул тўплаб, қочиш режасини тузганман. Лекин хаёт йўлимда бошқа эркакни учратдим.

Лекин гап бу ҳақида эмас. Мен ажрим учун ариза топширдим ва бутун азобларим гўё қайта бошланди. Маҳалла. Ярашиш учун олти ой, кейин яна икки ой. Синов ва рад этиш. Кейин яна суд ва яна ярашиш вақти. Ва яна Хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла, ҳокимиятга юборишди. Яраштиришга уринишлар. Сабабини ҳамма билар, лекин яраштириш улар учун муҳим эди. Бу давр мен учун нақд Жаҳаннамнинг ўзгинаси эди.

Нима учун мамлакатимизда аёллар учун ҳимоя йўқ?! Менинг ажралиш жараёним тўрт йил давом этди! Лекин қанча асабларим кетди. Аёллар мамлакатимизда ҳеч қандай ҳимоя қилинмайди. Агар йўлимда учраган «ҳалоскорим» бўлмаганида мен бу синовларга дош бермасдим!