Уй зўравонлиги қандай жиноят

Оиладаги зўравонлик жиноятларнинг яширин тоифаси ҳисобланади, яъни биз бундай жиноятлар тез-тез содир бўлишини биламиз-ку, лекин жабрланувчиларнинг кичик қисмигина ички ишлар органларига мурожаат қилади. Зўравонликнинг фақат даҳшатли кўринишлари ҳақида эшитиб қоламиз: солиқ инспекцияси ходими мунтазам равишда хотинини калтаклаган. Яна бир тажовуздан кейин аёл уйдан чиқиб кетган, бироқ эркак уни таъқиб этиш ва таҳдид қилишда давом этган. Унга нисбатан 104-модда “Баданга қасддан оғир шикаст етказиш” бўйича иш қўзғатилган. Йиллар давомида хотинини калтаклаган, болаларнинг кўз ўнгида бўғиб ўлдирмоқчи бўлган Азиз Мухитдинов 6 ойдан кейин озодликка чиқади.

Қанчадан-қанча ҳолатлар эса ёпиқ эшиклар ортида қолмоқда! Жабрланувчи туман ички ишлар ходимига мурожаат қилади, у эса жабрланувчини аёллар ишлари бўйича инспекторга топширади. Ўзбекистонда оиладаги зўравонлик ҳолатларида кўпинча жабрланувчи жиноят иши қўзғатиш учун ариза ёзиши керак. Аммо йиллар давомида тазъйиқлар остида қолган аёллар буни қилишга тайёр эмаслар. Ҳуқуқ-тартибот органларига ишонч йўқлиги, оиладаги зўравонлик сабаблари тўғрисидаги сингдирилган стереотиплар, айбни жабрланувчининг зиммасига юклаш, зўравонликдан омон қолганларни қўллаб-қувватлаш тизимининг заифлиги, самарасиз ҳуқуқий база оиладаги зўравонлик ҳолатларининг аксарияти яширинлигича қолишига олиб келади. Кўпинча иши судгача борган золимларга жарима солинади, у оилавий бюджетдан тўлайди. Натижада жиноятчилар жазосиз қолмоқда, аёллар эса ҳимоясиз қолиб, оиладаги зўравонликка чидашда давом этмоқда.

Ички ишлар органларигача борганлар ҳам адолат топиши мушкул. Ариза ёзиш орқали жабрланувчи ҳақиқий синовга учрайди. У калтакланган жойларини экспертиза қилдириши, тиббий кўрикдан ўтиши, гувоҳларни қидириши, терговчи, кейин судга, маҳаллага ёки агар жабрланувчи ажрашиш тўғрисида ариза беришга қарор қилган бўлса, ФҲДЁга бориши керак. Охиригача борганлар ҳам ҳафсаласи пир бўлиши турган гап: катта эҳтимол билан тажовузкорга жарима ёки нисбатан кичик жазо муддати берилади.

Ўзбекистонда оиладаги зўравонликни криминаллаштирувчи қонун йўқ. Турли хил оғирликдаги баданга шикаст етказиш учун моддалар мавжуд (ЖК 104, 105, 109-моддалар). Бироқ, улар оиладаги зўравонликнинг моҳиятини қамраб олмайди: бу нафақат жисмоний зарар, балки оғир, тизимли рухий босим ва зўравонликдир.

Бундай зўравонликнинг билвосита қурбонлари ҳам бор — булар кичик болалар, кекса ота-оналар, нима бўлаётганини бехосдан кузатадилар, бу улар учун рухан оғир. Шуни таъкидлаш керакки, оиладаги зўравонлик мунтазам қийноқдир, деярли ҳеч ким биринчи марта ёрдам сўрамайди, чунки кўпинча жабрланувчи психологик ва моддий жиҳатдан тажовузкорга қарам бўлиб қолади, вақти-вақти билан ғазаб пайдо бўлишига ишонади, низолардан қоча олмайди. Шунинг учун уйдаги зўравонликни кўчадаги жанжал билан тенглаштириб бўлмайди.

Барча экспертларнинг тавсиялари шундан иборатки, агар давлат аёлларни ҳимоя қилишни ва бу жиноятга қарши самарали курашишни истаса, оиладаги зўравонликни жиноят деб ҳисоблаши керак.

Нигина Худайбергенова