Ёзинг! Қалб жароҳатларингиз тузалади 

Ҳиссиётларингиз ва хаёлларингиз ҳақида ёзиш фойдали: бу асабларни тинчлантиради ва том маънода даволайди ҳам. Қандай дейсизми? Биз ўргатамиз. Ёзганларингиз яхши натижа бериши учун айнан нималарни қоғозга тушириш керак, деб ўйлайсиз?

Окленд университети (Янги Зеландия) психологлари антиқа тажриба ўтказишди: улар соғлом аёллар ва эркаклар гуруҳини танлаб олиб, терисида кичик жароҳатлар ҳосил қилишди, сўнг яралар битишини кузатишди. Бунда иштирокчиларнинг ярмисидан ҳар кунлик ҳаёти ҳақида кундалик тутишни илтимос қилишди. 11 кун ўтиб, тадқиқотчилар кундалик тутганларнинг 76%ида жароҳатлар яхши битганини аниқлашди. Ёзмаганлар орасида эса жароҳат фақат 42%ида тузалганлиги маълум бўлди.

Шу тариқа тадқиқотчи олимлар қўлда ёзиш нафақат руҳий, балки организмнинг жисмоний ҳолатини яхшилайди, деган хулосага келишди. Тажриба давомида улар шунингдек, “ёзувчи” гуруҳ вакилларида стресс гормони кортизол миқдорининг тушишини қайд этишди. Кортизол кўпайиб кетса, организмнинг иммун тизими ва инфекцияларга қарши кураши сусаяди.

Қоғоз (ёки компьютер) билан ёлғиз қолганимизда ўзимизни хотиржам сезамиз ва стресс даражаси камаяди.

Психологлар ҳар куни 15-20 дақиқа давомида ёзишни тавсия этишади. Нима ҳақда ёзсам экан, деб қайғурманг. Энг муҳими, нимани ёзиш эмас, балки жараённинг ўзи. Матнни эса тезда ўчириб ташлаш ёки қоғозни ташлаб юбориш мумкин. Бошида ноқулайлик сезасиз, вақт ўтиб эса ёзишга ўрганиб кетасиз. Фикрларингиз теранлашади, моҳиятан тафаккур қилишни ўрганасиз.

ЁЗИШ ТЕХНИКАСИНИНГ 7 ҚОИДАСИ

1. Ҳаётингиз, кечинмаларингиз, сизни ўйлантираётган ҳодисалар ҳақида ёзинг. Ҳаётингиздан мамнунмисиз?

2. Биринчи 5-10 дақиқа давомида миянгизга биринчи келган фикрни ёзинг, уни зўриқтирманг, сўзларнинг чалкашлигига эътибор берманг.

3. Ўзингиз билан мулоқот қилинг. Саволларни ўнг қўлда, жавобларни эса чап қўлда ёзинг. Шунда ҳақиқий мулоқот ҳисси уйғонади.

4. Руҳлантирувчи дақиқаларни қайд этиб боринг. Бугун нимадан хурсанд бўлдингиз? Нимадан куч олдингиз? Ижобий хисларга эътибор қаратинг.

5. Суратингизни чизинг. Ўхшамаса ҳам майли. Энг муҳими, суратда ҳиссиётлар бўлсин. Фантазия қилинг.

6. Ютуқларингизни рўйхат қилиб боринг. Фахрланиш учун сабаб изланг. Инглиз тилида ўнта сўз ўргандингизми? Ёзиб қўйинг. Белгиланган ишларга улгурдингизми? Яна бир қаторга қайд қилинг.

7. Кўнгилсизликлар ва муаммоларни учинчи шахс номидан тасвирланг. Бу ёқимсиз ҳислардан узоқлашиш ва вазиятни тўғри баҳолашга имкон беради.

www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди