Бу расмда онам атиги 3 ёшда. Шу йилнинг 27 августида оламдан ўтдилар. Мен доимо ўйланаман, нега бугунги кунда кўплаб ватандошларим уйларига сурат осишни ёқтирмайди. Айниқса жамиятнинг бир қисми турли тақиқлар, жумладан, фотосуратларни тақиқлаш билан танилган радикал ғоялар таъсири остида. Мен учун эса суратлар ниҳоятда қимматли. Бу расм нафақат оилам тарихидан сўзлайди, балки ҳаёт қанчалик тез ўтишини ҳам эслатади. Расмдаги қизалоқ шу кунларда бизни тарк этиб, ўз тарихини қолдирди. Шубҳасиз, онамнинг, эски расмдаги бу қизалоқнинг тарихи давр фонида ўқувчига қизиқарли бўлади, чунки ҳеч нима бутун даврни бир инсоннинг ҳаёти ва тақдиридай акс эттирмайди.
Онам Сталин қатағонлари авжига чиққан пайтда туғилган. Марҳума раҳматли бувим, онамнинг онаси, ўша йилларни доим даҳшат билан эсларди, бу ерда уларнинг қўрқувларини тасвирлаш имконсиз.
Бобом, онамнинг отаси, ўша пайтда ёш бўлса-да, Ўзбекистон ССР ҳукуматида ишларди. У Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари ва аслида Ўбекистонинг асосчиси бўлган Файзулла Хўжаев томонидан юқори лавозимларга кўтарилганлардан эди. Аммо қатағонлар Файзулла Хўжаевга етиб келганда у билан алоқадор кўпчилик сохта айбловлар билан қатағон қилинди. Бобомни уруш арафасида қамоққа олишди. Иккинчи жаҳон уруши бошланиши совет тузумини номақбул кишиларни бошқача жазолашга ундади. Чекистлар бобомга шарт қўйишди: ё уни ва бутун оиласини қамоққа олишади, ёки у фронтга боради. Бобомнинг ўшанда катта оиласи — бувим, тўртта қизи ва онаси бор эди. Бобом урушга кетди ва 1944-йилда тирик бўлса-да, оғир ярадор ҳолда қайтди. У 12 та мураккаб жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди ва 1946-йилда жуда ёш вафот этди. Шу пайтга келиб бобом ва бувимнинг ўғли туғилган, аммо у бобом вафотидан бир неча ой олдин оламдан ўтган. Қизларидан бири ҳам вафот этди — ўша йилларда болалар ўлими юқори эди. Бобомнинг вафотидан сўнг бувим уч қизи билан қолди. Ёрдам йўқ эди, аммо кўп қариндошлар “эркаксиз аёл болаларни тарбиялай олмайди” деб, бувимга янги эр излашга тушди. Бироқ бувим қизларни эркаксиз вояга етказди. Онам улғайгач, иккита синглиси унинг зиммасига тушди, бувим эса Тошкент пахта тозалаш заводида муҳандис бўлиб ишлай бошлади. Бу Ўзбекистонда, айниқса аёл киши учун жуда масъулиятли вазифа эди. Шундай қилиб, бувим онамнинг ёрдамида қизларини оёққа турғизди.
Онам мактабни тугатиши биланоқ Алишер Навоий номидаги кутубхонада ишлай бошлади ва бир вақтнинг ўзида институтга ўқишга кирди. Кейинчалик унинг иккала синглиси ҳам олий ўқув юртларига ўқишга кирди. Ўртанча қиз, Озода Аъзамовна нафақат инглиз тили, балки авиасозлик ва аэронавтикада қўлланиладиган техник инглиз тили бўйича ҳам ноёб мутахассис бўлди. У Тошкент Политехника Институтида Тошкент авиация заводи учун кадрлар тайёрларди. Кичик холам, Раъно Аъзамовна кимёгар бўлди, кейинчалик докторлик диссертациясини ҳимоя қилди ва профессор унвонини олди. Онам, Дилкаш Аъзамовна эса тарихчига ўқиди ва унинг устозларидан бири машҳур академик Яҳё Ғуломов эди. Бироқ тавсияга кўра, уни ўзбек радиосига ишга юборишди, у ерда журналист бўлиб етишди. Фақат ўртанча холам партия аъзоси бўлди, гарчи у карьера қилишни истамаган бўлса-да, 70-йилларда Буюк Британияга стажировкага борган биринчи ва ягона ўзбек аёли бўлди. Шу билан бирга, на онам, на кичик холам партияга аъзо бўлишди, улар шунчаки ўз касбларини севишарди. Бувим қариндошлардан ва таниш — билишлардан ҳеч қандай ёрдам кўрмади, уларнинг кўпчилиги “қизларини ўқитишдан кўра тезроқ турмушга чиқариш”га ундарди.
Айниқса ўша пайтдаги коммунистик партия амалдори, кейинчалик Олий коммунистик партия мактаби директори бўлган Мирзағани Искандаров бу борада фаол эди. Қўшмачилик билан фақат у эмас, балки турли даражадаги бошқа партия амалдорлари ҳам шуғулланар, улар “оилани жамиятнинг асосий бўғини сифатида ҳимоя қилиш”ни ўз «вазифаси» деб билишарди.
Бу бувимнинг асабини бузарди, бу ҳақда алоҳида ёзиш мумкин. Бувимнинг яқин қариндошларидан бири эса 30 ёшдан ошган онам лабини бўягани учун у билан икки йил гаплашмаган. Оғир эди. Бу жамиятда аёллар учун ҳар доим, ўшанда ҳам, ҳозир ҳам осон бўлмаган. Аммо кейинчалик айнан онам ва иккита холам ўзлари учун ҳеч қандай манфаат кўзламай, деярли барча қариндошларимизга олий маълумот олишларига ёрдам беришди. Натижада кимдир университетда ўқитувчи бўлди, кимдир корхона директори даражасигача кўтарилди. Уч опа-сингил ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам берганларнинг аксарияти эркаклар эди.
50-йилларда онам бурилиш даврининг фаол иштирокчисига айланди: Сталин вафоти, унинг шахсига сиғиниш фош этилиши, қатағонлар ҳақидаги ҳақиқат — барчаси Ўзбекистонга ҳам таъсир кўрсатди. Ўзбекистон тарихида илк бор аёллар қурултойи ўтказилди. Сталиннинг ўлими билан аёлларнинг жамиятдаги ўрнига нисбатан яширин консерватив қараш, хусусан, ўғил ва қизларни алоҳида ўқитиш ҳам барҳам топди. Онам ўша аёллар форумининг ҳозирда ҳаёт бўлган сўнгги иштирокчиси эди. Форум биринчи марта Ўзбекистон аёллари муаммолари ҳақида гаплашишга уриниш эди ва кўп нарсалар ўша давр мафкурасидан ташқарига чиқмаган бўлса-да, бундай уринишнинг ўзи катта воқеа эди. Кейинчалик онам Ўзбекистон зиёлиларининг машҳур сталинизмга қарши қурултойида иштирок этди. Бу қурултой мамлакат тарихида КПСС нинг 20-сезди каби сталинизмни фош этувчи рол ўйнади. Онам биринчи халқаро кинофестивалнинг гувоҳи бўлган, ўшанда юз минглаб тошкентликлар Сталин даврида деярли бошқа сайёраликлар деб ҳисобланган чет элликларни илк бор кўрган. 60-йилларда эса онам америкалик жаз қироли Бенни Гудманнинг концертида қатнашиш бахтига муяссар бўлган камдан-кам ўзбеклар қаторида эди. Гудманни билмаганлар учун айтиб ўтай, у Майкл Джексон, Мадонна ёки Элтон Джон каби улкан шахс эди. Бу воқеа СССР ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг илиқлик палласида содир бўлди ва Ўзбекистон учун ақл бовар қилмас ҳодиса эди. Онам айнан шу умидли йилларни доимо илиқлик билан эсларди.
Орадан йиллар ўтди, онам турмушга чиқди. Айтишларича, “кеч турмушга чиқди”, лекин нормал жамиятларда бахтнинг ёши йўқ, албатта. Онам ўзини фарзандларига бағишлади. Қизиғи шундаки, у отамнинг олий маълумоти йўқлигини билгач, қатъий туриб олди ва иккала опа-сингил билан бирга отамга олий маълумот олишига ёрдам берди. Бу, шубҳасиз, отамнинг кейинги ҳаётига жуда ижобий таъсир этди.
Онамда мени доимо ҳайратга солган нарса, унинг ҳатто кексалик чоғида ҳам эртанги кунга умид билан қараши эди. У сўнгги кунларигача ҳеч бўлмаганда АҚШга боришни орзу қиларди ва 85 ёшдан ошгани унга халақит бермаслигига ишонарди. Онам уруш даври фарзанди сифатида ўз авлодидан ажралиб турарди ва бу ҳам ўзига хос эди. Масалан, у 70 ёшдан ошганида Ғарб машҳур режиссери Роман Поланскийнинг “Пианиночи” номли уруш ҳақидаги фильмини томоша қилган. Мазмунини гапириб ўтирмайман, филмни кўришни маслаҳат бераман. Америкалик Актёр Эдриан Броуди иштирок этган бу фильм онам учун уруш ҳақидаги ягона ҳақиқий фильмга айланди. Бунинг устига, у 70 ёшдан ошганда ўзи учун кашф этган Поланский онам учун биринчи рақамли режиссёрга, Броуди эса севимли актёрларидан бирига айланди. Онамнинг бутун моҳияти шундан иборат эди: замон билан ҳамнафас яшаш, музей экспонатига айланиб қолмаслик ва ўтмишни эслаб, ҳозирги замонда қизиқарли нарсаларни топа билиш. Бу фазилатлар унинг авлодига мансуб одамларда камдан-кам учрайди.
Ҳар қандай ҳокимиятга, хоҳ у собиқ совет ҳокимияти бўлсин, хоҳ СССР қулаганидан кейин келган ҳокимият бўлсин, онам ҳеч қандай ҳис-туйғусиз, кўпинча киноя билан муносабатда бўларди. Шубҳасиз, ўз авлодидан фарқли ўлароқ, ҳокимиятнинг ўзи ҳеч қачон унда хомхаёллар уйғотмаган. Бу жиҳатдан онам кўпчилик ёшроқ одамларга қараганда анча эркин фикрли эди.
Табиийки, у ўтмишни эъзозларди, лекин бу ерда ҳам соғлом фикр онамни тарк этмасди. У ҳеч қачон “мазали совет пломбири” ҳақида гапирмасди, лекин ҳамма замонларда ҳам яхши ва ёмон одамлар яшаган, шунинг учун унисини ҳам, бунисини ҳам унутмаслик керак, чунки бу ўтмишнинг ўзидир, деб ҳисобларди.
Энг муҳими, унинг фикрича, «ўтган даврни эмас, балки марҳумларни қўмсаш мумкин: иккинчиси инсон учун табиий, биринчиси эса — аҳмоқона».
Яна бир фазилати мени ҳайратга соларди: гарчи онам ёрдам берган одамлар кўпинча уни алдашса ҳам, у ҳаммага ёрдам беришни яхши кўрарди. Лекин ҳалигача мени лол қолдирадиган бир воқеа эсимда: бувимнинг иккита жуда яхши дугонаси бор эди, опа-сингил Нурия ва Ҳаёт Еникеевалар. Ғоятда меҳрибон бу аёллар оила қурмаган ва бутун ҳаётини ягона жиянига бағишлаган. Иккала аёл ҳам кексайиб қолганда — уларнинг ёши аллақачон 80 дан ошган эди — бу жиян уларнинг квартирасини тортиб олди ва амалда уларни кўчага, бир хонали квартирага ҳайдаб юборди. Бу кампирлар СССР парчаланиши арафасида қийналишарди ва амалда очликдан азоб чекишарди. Онам ўша йилларда опа-сингиллари билан бирга ўлим тўшагида ётган бувимни парвариш қилаётган бўлса-да, бу бечора кампирларникига бориб, уларни чўмилтириш, овқатлантириш учун вақт топарди ва бу ишга марҳум отамни ҳам жалб этарди. Кўпчилик онамнинг бундай хатти-ҳаракатини тушунмасди. Ҳозир эса жамиятимизда инсонийликнинг ва ҳамдардликнинг умуман йўқлиги фонида онам сингарриларни ғалати одам сифатида қабул қилишлари мумкин. Шунга қарамай, онам айнан шундай эзгу ишлар билан яшарди. Йўқ, албатта, онам на қаҳрамон, на авлиё эди. Шу билан бирга, масалан, менга нисбатан у анча талабчан эди.
Сўнгги 10 йил ичида у ўз дунёқарашларига ва принципларига содиқ қолди, Украинани қўллаб-қувватлади, телевизорда унинг учун ягона канал “Euronews” эди. Сериаллар ва бошқа кўрсатувлар онамларни қизиқтирмасди. Эҳтимол, онам, ўзи айтганидек, “энг сўнгги инглиз қироличаси ёшигача — 96 ёшгача” яшаши мумкин эди, аммо фожиали пандемия кунларида опамда ўт-тош касаллиги хуруж қилди. Коронавирус билан касалланган беморлар билан банд бўлган тез тиббий ёрдам хизматига эса етиб бўлмасди. Ниҳоят, уч соатдан кейин, катта опамлар Юлдуз вафот этганидан сўнг, тез ёрдам машинаси етиб келди. Ўшандан бери онам аста-секин сўна бошлади. Лекин барибир таслим бўлмади, мен билан АҚШга кетишни хоҳларди, ҳаётни севарди. Бироқ унинг абадий сўниши аниқ бўлгач, у менинг жонини сақлаб қолиш учун жон-жаҳд билан курашаётганимни кўриб, менга озор бермаслик учун ўзини яхши ҳис қилаётганини айтиб алдарди ва ички азобига чидарди. Шундай қилиб, у жимгина, хотиржам, опамнинг — ўзининг севимли қизининг олдига кетди. Опамнинг ўлими онам учун улкан фожиа бўлганди.
Бугун бу суратга қараганимда, бир неча кун олдин тугаган ҳаётни кўраман. Бу суратдаги қизалоқ ўзининг ҳаёт йўлини босиб ўтди, ер юзидаги сафарини якунлади.
“Миллатни аёллар тарбиялайди” деган ўзбек ибораси бор. Эҳтимол, бу сўзларда қандайдир пафос мавжуддир. Лекин онамнинг ва нафақат унинг, балки бувимнинг, холамларнинг ҳам ҳаётларига назар ташласам, бу сўзлар қанчалик тўғрилигини тушунаман. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, онамнинг мисоли бугун жамиятимизнинг бир қисми тез-тез шубҳа остига олаётган бир ҳақиқатни исботлайди: ҳар қандай эркакнинг муваффақиятига сабаб бор ва бу эркин фикрловчи, зиёли аёл. Маълумотлими, йўқми, лекин эркин фикрловчи, билимли ва зиёли! Мен ўзим шундай одамман: бу ҳаётдаги муваффақиятим — онамдан олган нарсам. Марҳум отам каби, марҳум бобом каби, кичик холамнинг марҳум эри каби — бу эркакларнинг барчаси, худди менга ўхшаб, ўз муваффақиятлари учун оиламиз аёлларига қарздордирлар!
Суратда онам яқинлари қуршовида. Фотосуратда бувим йўқ: у ўша пайтда кичикроқ болалари ва бобом билан банд эди, бобомни ўша йилларда чекистлар сўроқ қилиш учун олиб кетишарди. Бу сурат Сталин қатағонларининг даҳшатли руҳий азобларини бошидан кечирган бобомнинг руҳини кўтариш учун олинган.
Анвар Назиров.