Аноним ҳикояларни ўзингиз тўқийсизми?

Лойиҳамизда аноним ҳикояларни эълон қилиб борамиз. Немолчи.уз лойиҳаси бу йил 5 ёшга тўлган бўлса, энг бошида бошқа гуруҳлардан аноним воқеаларни перепост қилганимизни биласизми? Бу бошқа одамларни ҳам шахсий ҳикояларини бизга юборишларига ундаш учун қилинган эди.

Бугунги кунда аноним шаклда ва шахсий хабарлар орқали лойиҳамизга кўплаб аноним ҳикоялар келади. Бу лойиҳамизнинг ажралмас бир қисми бўлиб, бугун шу мавзудаги кенг тарқалган саволларга жавоб берамиз.

  1. Буни бошқа саҳифада кўрганман.
    Биз бошқа манбалардан ҳикояларни кўчирмаймиз, лекин буни бизга юборган одам қилиши мумкин. Муҳаррирларимиз мавжуд антиплагиат дастурлари орқали уларни текширади, лекин улар доим ҳам аниқ ишламайди, қолаверса, ҳикоя фақат бизга юборилганини билолмаймиз.
  2. Бўлиши мумкин эмас, ҳаммаси тўқима.
    Бизни ҳикояларни тўқиганликда кўп айблашади. Яна бир бор қайтарамиз, биз ҳикояларни ўзимиз ёзмаймиз, бизга юборилганини эълон қиламиз. Биз ҳикоя ҳаққонийлигини кафолатлай олмаймиз, бу муаллиф виждонига ҳавола.
  3. Ҳикояларни таҳрир қиласизми?
    Лойиҳада матнни таҳрир қилиш қоидалари мавжуд. Одатда бу грамматик хатоларни тўғирлаш, қўпол сўзларни ўзгартиришда акс этади. Шунингдек ҳикояларни иложи борича анонимлаштирамиз — вилоят, шаҳар номлари, муассаса номи ёки рақами ва ҳоказолар кўрсатилмайди, йўқса жабрланувчига зиён етиши мумкин.
  4. У ёки бу ҳикоя муаллифининг телефон рақамини менга беринг, ёрдам бермоқчиман.
    Аноним шакл орқали юборилган ҳикояларнинг муаллифлари ҳақида бизда ҳеч қандай маълумот бўлмайди. Бундай ҳолатда пост тагида биз билан боғланишни сўрашимиз мумкин.
  5. Мен ҳикоя юбордим, лекин уни чиқармадингиз.
    Бунинг илк сабаби техник бўлиши мумкин. У бизга етиб келмаган бўлиши мумкин. Шахсий хабарлар орқали юборган бўлсангиз, эҳтимол, уни кўздан қочирганмиз. Яна бир сабаби — ҳикоя лойиҳамиз йўналишига тўғри келмаслиги мумкин. Биз уни муҳокама қилиб, эълон қилмаслик ҳуқуқини ўзимизда қолдирамиз.
  6. Сиз фақат зўравонлик ҳақида ёзасиз.
    Немолчи.уз лойиҳаси гендер зўравонлик ва гендер нотенглик ҳақида ёзади, шундай экан зўравонлик ҳақида ёзиш — асосий вазифаларимиздан. Албатта, бошқа мавзуларни ҳам кўтаришни хоҳлаймиз, лекин бунга кучимиз ҳам, вақтимиз ҳам йўқ.
  7. Нега менинг шарҳим ўчирилди?
    Шахсий ҳикоялар остида ҳақоратловчи шарҳлар ман этилган. Ҳатто ёзган фикрингиз сизга ҳақоратловчидай туюлмаса-да, анонимга у салбий таъсир қилиши мумкин.

Лойиҳамизни кузатаётган барчага ташаккур! Шунчаки ўтиб кетмасдан, аноним муаллифга далда бериб, тўғри маслаҳат бериш ҳам катта ёрдам ва у қўлингиздан келади.