Газлайтинг нима? Унга қандай қарши туриш мумкин?

“Газлайтинг” атамаси дунёга келганига 60 йил бўлди. У қаердан пайдо бўлган?

1944 йилда Ингрид Бергман иштирокида «Газ ёруғлиги” филми экранларга чиқди. Қисқача сценарийси:

Катта уйда яшайдиган эр ва хотин. Эр аёлига ҳазил қилиш учун чироқларнинг ёрқинлигини пасайтириб қўяди. Хотин ёритгичлар хира ёритаётганини айтганида эр улар одатдагидек ёритаётганини айтади. Кейинчалик у аёлининг сумкасига соатни солиб қўйиб, уни ўғирлаганига ишонтиради. Сўнг марҳум қариндошининг заргарлик буюмларини топиш учун чодирга кўтарилади. Хотини юқоридаги қадамлар ҳақида сўраганда, ҳеч қандай товушлар эшитилмагани ва хотинига улар шунчаки эшитилганини айтади. Қўрққан ва хавотирга тушган аёл асабийлаша бошлайди, лекин эр у ўзида эмаслигини айтади – ва шу баҳонада унга бирон кимса билан алоқа қилишни тақиқлайди. Ёлғончи билан якка қолгач, аёл унга ишонади. Уйга бегона одам келиб қолганида барча ёлғонлар фош бўлади. Полиция ходими унга: «Сиз ақлдан озмагансиз. Ёруғлик чиндан ҳам сўнмоқда», дейди.

Филмни кўрган минглаб аёллар ўз ҳаётларида шунга ўхшаш воқеаларни эслади. Газлайтинг (филм номи билан) жамиятга шу қадар чуқур кириб бордики, биз уни бугун ҳам учратмоқдамиз.

Газлайтинг нима

Умумжаҳон миқёсида, газлайтинг – камситиладиган тоифа одамларга камситишни улар ўзлари ўйлаб топганлиги сингдирилади. «Аёллар шундоқ ҳам барча ҳуқуқларга эга», «Биз гендер тенглигига аллақачон эришганмиз», «Ногиронлар бемалол иш топиши мумкин», «Сексизм мавжуд эмас, бу феминистларнинг уйдирмаси» ва ҳоказо. Жамият мунтазам равишда аёлларга ҳар қандай ҳолатда ҳам улар айбдор эканлигини эслатиб туради:

  • Эринг юриб кетдими? Ўзинг ва уйга яхши қарамагансан.
  • Ишда кўтарилмаяпсанми? Демак яхши малакага эга эмассан.
  • Сен ўз ишининг мутахассисисан, лекин иш ҳақингни оширишмаяптими? Демак яхшилаб сўрамаяпсан.
  • Боксда юқори натижаларга эриша олмаяпсанми? Аёллигингга борасан-да.
  • Директор бўламан деганмидинг? Яхшилаб ҳаракат қилиш керак эди.
  • Болаларинг мактабда ойнани синдиришдими? Сен уларни яхши тарбия қилмагансан.

Бундай гапларни ҳар томондан эшитсанг, ўзинг билмаган ҳолда уларга ишона бошлайсан. Ўзингни бошқача тутгансан. Яхшилаб ҳаракат қилмагансан. Бу сенга тўғри келмайди…

Газлайтинг – инсон ўзида гумон қила бошлайдиган манипуляциялардир. Масалан, навбатдаги жанжалдан кейин сиз ўзингизни ёмон хис қиляпсиз. Партнёр эса у ўзини ёмон хис қилаётганини айтади. Ва сиз шубҳаланишни бошлайсиз: «Мен ҳаддимдан ошдиммикан? Йўқ жойдан жанжал чиқаргандирман?”. Сиз ўз хис-туйғуларингизга шубҳа қила бошлайсиз, ваҳоланки сиз ҳам бу вазиятдан азият чекяпсиз. Сиз бир вақтнинг ўзида қўрқув, хафагарчилик, шубҳа, ёлғизлик, ваҳима ва норозилик каби туйғуларни бошдан кечирасиз. Партнёрингиз эса барча ҳис-туйғуларингизни рад этади ва уларни йўққа чиқаради. Сиз унинг таъсирига берилиб, ўзингиз билан баҳслаша бошлайсиз. Ичингизда ҳавотир бор, аммо сиз унинг қаердан келиб чиққанлигини тушунтириб беролмайсиз. Сизга барча ҳис-туйғуларингиз ёлғон ва партнёрингиз ҳақдай кўринади. Гўё сиз адашдингиз ва энди уялмоқдасиз, лекин нега уялишингиз кераклигини батафсил тасвирлаб беролмайсиз.

Газлайтингни кўпинча абьюзер ва перверз нарцислар қўллайди.

Газлайтинг қандай кўринишда бўлади

Газлайтингни қандай аниқлашни билмаган аёллар шубҳаланади ва ўз кечинмаларини кимдир билан бўлишишга қўрқишади. Улар ўзларида эмасликлари ва буни бошқалар сезишидан қўрқади. Эсингизда бўлсин: агар сиз юқорида кўрсатилган вазиятларга дуч келсангиз, демак сизга газлайтинг қўлланиляпти. Бунда жабрланувчи ўзи яратган тузоққа тушган деб ўйлайди. У безовталик, бефарқлик, ғазаб ва ёрдамсиз қолганини ҳис қилади.

Сизга атайлаб газлайтинг қўллашлари мумкин. Ҳудди биз мақола аввалида тасвирланган кинодай. Ҳар доим ҳам газлайтинг шу кўринишда намоён бўлмайди. Бу сизнинг туйғуларингизни инкор этиш ва қадрсизлантириш бўлиши мумкин:

  • Кино сенга ёқмади, дейсанми? Кулганингни курдим-ку. Нега ёлғон гапиряпсан?
  • Жиннивой, мен фақат сени севаман. Телефондаги ёзишмаларга жиддий қарама.
  • Овқатни шўр қилворибсан. Мендан нафратланишингни биламан. Овқатга заҳар солган бўлсанг ҳам ҳайрон бўлмайман. Сен доимо атайлаб овқатни бузасан.
  • Пулларни олиб, болага дарслик олишга ҳаққинг йўқ эди! Пуллар ўртада бўлса, нима қилибди? Уларни нимага сарфлашни мен хал қиламан.
  • Сен билан ўйнаяпманми? Йўқ, бу аёл менга ўзи ёзди, у билан бор-йўғи бир марта яқинлик бўлди…

Газлайтинг тизимга сингиб кетган бўлиши ҳам мумкин. Мисол тариқасида глобал даражада камситилишни инкор этадиган газлайтингни келтириш мумкин.

Газлайтинг билан қандай курашиш керак

АҚШ лик журналист ва ёзувчи Ариэль Лев газлайтингга қарши туриш усуллари билан бўлишади:

  • Ўзингизга, ҳис-туйғуларингизга ишонинг, ўзингизни ҳимоя қилинг ва сизни ноқулай қиладиган нарсаларга рози бўлманг. Бу сизга куч беради ва ҳаётингизни осонлаштиради.
  • Сизни алдаётганларнинг фикрини ўзгартиришга ҳаракат қилманг. Газлайтерлар ҳеч қачон сизнинг ҳақлигингизни тан олмайди (айтишса ҳам бошқа ёлғон ўйлаб топишади). Уларни тўғри эканлигингизга ишонтираман деб вақт ва кучингизни беҳуда йўқотасиз. Уларнинг вазифаси сизнинг ноҳақ эканлигингизга ишонтириш, шунинг учун сизнинг ҳар қандай иддаоларингиз ахлатга кетади. Улар вазиятга сиз томондан қарашни ёки ўзларининг ноҳақ эканлигини тан олишни хоҳламайдилар.
  • Ўзгаришларга ишонманг: улар содир бўлмайди. Эҳтимол сиз муҳаббатингиз ва оқилона далилларингиз ғалаба қозонишига ишонарсиз. Одам ўзгаради ва ҳамма нарса аввалгидай бўлади, деб ўйлайсиз. Афсуски, бу шунчаки хаёл. Сизни ҳеч қачон эшитишмайди ва ўзгаришларни кутгунингизча улар сизни тузоққа тушириш учун янги усулларни қидирадилар.
  • Сиздан фойдаланаётганларини аниқлай олишни ўрганинг. Овоз чиқариб, нима ҳақиқат ва нима хаёл эканлигини қайта-қайта такрорланг. Сиздан фойдаланаётганларини англаганда вазиятдан чиқиб кетишингиз мумкин бўлади. Газлайтердан қутулиш осон эмас (бу сизнинг яқинларингиз бўлиши мумкин). Бундан ташқари, баъзи одамлар улардан фойдаланишларини ўзлари истайди.