NeMolchi.uz

Токсичные родители. Типы токсичных родителей

Токсик ота-оналар ким? Уларни қандай аниқлаш мумкин?

Ота-она доимо ҳақ, улардан ғазабланиш мумкин эмас, аксинча улардан доим миннатдор бўлиш керак дейишади. Бу қанчалик тўғри?

«Онам жуда асабий эдилар. Қўлларига тушган нарса билан мени дўппосларди. Сериал ёқмадими, биров ёмон гап айтдими, тамом, аламини мендан оларди. Холам онамнинг олдида менга тинмай дакки бор, ҳатто ж.б деб ҳам сўкарди, лекин онам индамасди. Кўкрагим катталаша бошлаганда опачамнинг эри тегажоғлик қилмоқчи бўлди. Онамга айтиб берсам, бошимга урдилар. 15 ёшимда мени зўрлашди. Онамга айтсам, бошимга урди. Илк муҳаббат… онамга ёрилдим, ўгай отамга айтиб бердилар. У лабимни ёргунча урди, онам эса яна бошимга урдилар”.

Бу саҳифамизга юборилган реал воқеалардан биридир. Бундай ҳикоялар кўп. Ва уларнинг умумий бир томони бор – токсик ота-оналар. Ушбу атама 1989 йилда худди шу номдаги китобни нашр этган психолог Сюзан Форвард томонидан жорий этилган. Китоб болалигидан уларга энг яқин бўлганлардан руҳий жароҳат олган минглаб одамлар қалбида жой олди.

Токсик ота-оналарнинг қандай турлари мавжуд

1. Бенуқсон токсик ота-оналар.

«Мен доим ҳақман». Агар бола итоатсизликни намоён этса ёки ота-оналардан фарқли ўлароқ қарашларни намоён қилса – уни дарҳол жазолашади. Негаки бенуқсон токсик ота-оналар бундай ҳаракатларни гўё кемадаги ғалаён, уларнинг қадриятларига ҳужум қилишдан қабул қилишади. Ҳимояланиш учун эса турли усуллардан фойдаланишади: ҳақорат қилиш, таҳқирлаш, руҳий босим, калтаклаш. Кўпинча бу тарбия бериш шиори остида амалга оширилади: «Мен сени одамни қиляпман, бадбахт!», «Мен буни фойданг учун қиляпман, катта бўлганингда тушунасан.»

Кўпинча, бундай ота-оналарнинг фарзандлари уларнинг ҳаракатларини болаларига бўлган муҳаббат ва келажаги ҳақида қайғуриш деб, уларнинг ёнини олишади: «Дадам мени одам бўлсин деб калтаклаган», «Ойим мени ҳақорат қилмайди, шунчаки ҳамма нарсани ўз номи билан айтади, менга ҳақиқатни кўрсатади».

2. Зўравонлар.

Бундай ота-оналар ўз фарзандларини жисмоний ва руҳий жазо билан “тарбия қилишни” афзал кўрадилар. Аксарият ҳолларда улар ҳам айни усулларда тарбияланган, шунинг учун уларнинг миясига айни тарбия модели сингиб қолган. Болалигида ўз фарзандлари билан бундай йўл тутмасликларини ваъда қилган бўлсалар ҳам, балоғат ёшида улар муаммолар, ғазаб ва салбий ҳис-туйғуларни енгишнинг бошқа усулларини билмасликка дуч келишади. Катталар арзимаган хатолар баҳонасида болани уриб енгиллашади. Бундай усул тарафдорлари жисмоний жазо инсон феълини ривожлантириб, боланинг дийдасини қаттиқ қилишига ишонади. Афсуски, бундай эмас: болалар жуда катта руҳий ва жисмоний зиён кўришади.

Зўравон ота-оналарнинг алоҳида турлари бу болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ишлатадиганлардир. Кўпинча бу эркаклар. Жабрланганлар зўравонга бутунлай боғланган бўлиб, улар ҳеч кимга зўравонлик ҳақида айта олмайди. Бундан ташқари, оталар ёки ўгай оталар ўзларининг хатти-ҳаракатларини муҳаббат сифатида кўрсатиб, «барча болалар шундай қилади» деб алдашади. Болалар ўзлари билан содир бўлаётган нарса зўравонлик эканлигини билмасликлари ҳам мумкин. Ёки билсалар ҳам оиланинг бузилишидан қўрқиб, жим юришади. Айтиб берган тақдирда ҳам болаларга ишонмаслик ҳолатлари кўп учрайди. Ёки боланинг ўзини айблаб, зўравонни оқлашга тушишади.

Статистикага кўра, жинсий зўравонликни бошидан кечирган болаларнинг 90% бу ҳақида ҳеч кимга гапирмайди…

3. Ноадекват токсик ота-оналар.

Бундай ота-оналар фарзандларининг иложи борича тезроқ катта бўлиб уларга хизмат қилишларини исташади. Натижада, бола болаликдан завқланиш ўрнига, барча оила аъзолари учун васий, ота-онага айланади. Боланинг ёши, кучи ва қобилиятига боғлиқ бўлган уй бўйича қилинадиган ишлар ҳақида гапирмаяпмиз. Ноадекват ота-оналар, уларга мустақил бўлишга ўргатаётганларини айтиб, парвариш ва таълим вазифаларини имкон қадар болаларга юклайди. Бола кун бўйи уй ишлари билан машғул бўлиши ёки ёш болаларни боқиши мумкин. Дам олиш ва ўйнаш учун, табиийки, вақти бўлмайди, арзимаган хатолар учун эса яхшигина гап эшитишади.

4. Алкоголиклар.

Бундай ота-оналар ўз оилаларида спиртли ичимликлар муаммоси мавжудлигини рад этишади. Ота-оналардан бири ичса ҳам болалар иккинчисининг ҳаракатларидан азият чекишади. Масалан, эрсиз қолишдан қўрққан аёл эркакнинг ароқхўрлигини ишдаги стресс, қўшнилар билан келишмовчилик ва ҳоказо баҳоналар билан оқлаши мумкин. Болаларга эса уйдаги гап ташқарига чиқмаслиги кераклиги уқтирилади. Шунинг учун, бундай оилаларда болалар ички зўриқиш ҳолатига тушиб қолишади, ёлғон гапиришга мажбур бўлишади ва оилавий сирларни ошкор қилмаслик учун кўп гапиришдан қўрқишади.

Менинг отам кўп ичарди, доим онамни дўппослагани-дўппослаган. Онам бундай ҳаётдан безиб, шундай пайтларда қочадиган одат чиқарди. Ва биз, болалар бирга қочардик. Тасаввур қилинг: отам эшик томон отилса, биз деразадан қочардик, у ҳовлига кетимиздан чиқса, биз кўчага равона бўлардик. У бизни қувлар, биз эса уйимиз атрофидан нарига ўтмасдик. Бу воқеалар тунда содир бўларди.

5. Ҳақоратловчи токсик ота-оналар.

Доимий танқид ва хўрлаш психикага кучли таъсир қилади. Кўп одамлар хўрлаш = ҳақорат деб ўйлашади. Бу ундай эмас. Киноя (сиз шунчалик кўп ейсизки, тез орада эшикка сиғмай қоласиз), ҳақоратли лақаблар, қадрсизлантириш (қўлинг қаердан ўсиб чиққан), шубҳа (сиз муваффақият қозонмайсиз), ноўрин танқид билан камситиш мумкин. Кўпинча, хўрлаш ғамхўрлик ёки ҳазил сифатида кўрсатилади: «Ҳаёт шафқатсиз, ҳақиқатни мендан эшитганинг яхшироқ», «Яхши бўлишингни ва ўзгаришингни хоҳлайман», «Мен шунчаки ҳазиллашдим-ку».

Бундай муҳитда ўсган болалар кўпинча ўзларини паст баҳолайдилар, ўзларига ишонмайди ва тез таслим бўлади. Улардан баъзилари ўз жонига қасд қилишга мойил бўлади.

Менинг дадам – руҳий абьюзер. У хаётимизни заҳарга айлантирган. Барча оила аъзоларини руҳан эзиб ташлаган. Яқингача отамни ёмон кўришимни тан олмаганман. Бу ҳақида ўйласам ҳам гўёки биров билиб қўядигандай”.

6. Назорат қилувчи токсик ота-оналар.

Ота-она назорати ғамхўрлик ва болаларни хавфдан ҳимоя қилиш истаги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бундай парвариш остида токсик ота-оналарнинг худбинлиги ва боланинг шахсиятини бутунлай бўйсундириш истаги яширинади. Бола улғайгач, уларга эҳтиёж қолмайди, деб қўрқишади, шунинг учун уни тўлиқ қарам қилиб қўйишга ҳаракат қилишади. Улар манипуляция усталари: болаларга қилинадиган “беғараз ёрдам” уларда бурч ҳиссини туғдиради. Ва кўпинча бу ёрдам умуман керак бўлмаслиги мумкин. Масалан, вояга етган қизининг уйига янги гилам сотиб олиш, гарчи эскиси ҳам яхши бўлса: «Мен буни фақат сизнинг фойдангиз учун қилдим, гарчи сиз сўрамаган бўлсангиз ҳам». Ва кейин ота-оналар бу ҳақда эслатиб қўйишдан тортинмай, уларга бўйсуниш ва зудлик билан уларнинг кўрсатмаларини бажаришни талаб қиладилар. Улар ўзларининг соғлиғини ҳам “аралаштиришлари” мумкин: «Агар буни қилмасангиз, менда юрак хуружи бўлади».

Агар ота-онангиз (биттаси ёки иккаласи) токсик эканлигини англасангиз, тушкунликка тушманг. Кейинги мақолада биз токсик ота-оналар билан қандай муносабатда бўлишни ўргатамиз.

 

Оставьте комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

ru_RURU
uz_UZUZ ru_RURU
ru_RU