Зўравонлик даврийлиги ёки нима учун оиладаги зўравонлик қурбонлари золимлардан кетмайдилар

«Зўравондан кетмаяптими, демак уни ҳаммаси қониқтиряпти. Хоҳласа аллақачон кетарди”, деган иборани тез-тез эшитасиз.

Бу янглиш фикр. Одатда ҳеч қачон оиладаги зўравонликни бошдан кечирмаган одамларгина шундай дейди. Ва улар абьюзерни илк кўришишдаёқ ўзини ноўрин тутган инсон сифатида тасвирлашади, гўёки жабрланувчи унинг қанақалигини била туриб у билан муносабатларини давом эттирган. Шундай фикрлайдиганларнинг яна бир тоифаси – бу зўравонликнинг илк белгиларида тажовузкордан қочиш учун куч топа олган аёллар. Афсуски, оиладаги зўравонлик қурбонларининг аксарияти ҳар доим ҳам улар айбдор эмасликларини тушунишмайди. Ёки кетиш учун маънан тайёр бўлмайдилар. Улар қўрқишади ҳам. Ва кўпинча уларнинг қўрқувлари асослидир.

Оилавий зўравонлик сабаби болаликдан бўлганда

Агар болалар оиладаги зўравонлик муҳитида ўсган бўлса, унда улар ўз оилаларида ушбу моделни такрорлаш эҳтимоли кўпроқ. Чунки болаликдан улар буни меъёр сифатида қабул қила бошладилар. Бундай оилада ўсган қизлар кўпинча эрлари томонидан зулмга учрайди. Ва улар ўз оналари каби бу зўравонликка чидаб келадилар. Ўғил болалар ўз хотинлари ва болаларига зулм ўтказадиган эрлар бўлишади. Улар бу хатти-ҳаракатларга одатланган. Ва даврийлик қайта-қайта такрорланади.

Яна бир сценарий: қиз яхши оилада катта бўлди. Аммо турли сабабларга кўра у тажовузкорнинг қўлига тушиб қолди. Баркамол оила сурати унинг миясига маҳкам ўрнашган – ва аёл ўзини муваффақият қозона олмаганликда айблайди. Ўз оиласида у бундай муносабатни учратмаган, аммо бундай ҳолат у билан содир бўлаётганини тан олишдан бош тортади. Шунинг учун, у болалигидан кўрган суратга мос бўлиш учун тоқат қилади, сукут сақлайди, яширади ва ташқаридан идеал оилани намойиш этади.

Бундай аёлни ҳаракат қилмаётгани учун айблаш ва муҳокама қилиш билан вазиятни ўзгартириб бўлмайди. Кўп йиллар давомида шаклланиб бўлган дунёқараши уни мазкур вазиятдан чиқишига йўл қўймайди.

Зўравонлик золимнинг ўйини бўлганда

Болалигида муайян тажрибага эга бўлган аёллар доимо ҳам зўравонлик қурбонига айланадими? Йўқ. Айрим эркаклар ўзини ҳафа қилдирмайдиган, мустақил аёлларни қидиради. Бундай аёлнинг феълини ўзгартириш, унинг иродасини йўқотиш улар ўзига яраша завқ бағишлайди. Ҳар хил приёмлар қўлланилади: ҳиссий зарбалар ва нозик манипуляциялардан тортиб то бепарволикгача. Бу усулларни перверз нарцисслар ва абьюзерлар моҳирона қўллайди. МУҲИМ!!! Бундай хусусият аёлларда ҳам, эркакларда ҳам кузатилиши мумкин. Бизга асосан аёллар ёзади, шунинг учун мақолада биз шу томонлама ёндашдик, аммо эркаклар ҳам абьюзерларнинг қурбони бўлиши мумкин.

Баъзан шахсни йўқ қилиш учун йиллар керак бўлади. Аввалига уни руҳан эзишади. Кейин жисмонан зўрланиши мумкин. Шунда зўравонлик ҳатто атрофдагилар учун ҳам аён бўлади. Аммо бунда ҳам таъна ва ҳақоратлар жабрланувчига ёрдам бермайди. У ўзига бўлган ишончни шу қадар йўқотадики, ёлғиз қолишдан қўрқади. Кўп йиллар давомида абьюзер унинг ҳеч ким керак эмаслигини сингдириб боради, гўёки ундан бошқа ҳеч кимга керак эмас. Бундан ташқари, золимнинг феълини билгани ҳолда қурбонлар кетишдан қўрқишади, чунки золимлар кўпинча ўлдириш билан қўрқитади. Қурбон кетмоқчи бўлганида эса “асал ойи”ни саҳналаштиради ёки қурбонни топиб, янада кўпроқ қўрқитади.

Бундай муносабатлардан кейин аёл ўзини ўнглаб олиши учун йиллар керак бўлади. Шунда ҳам аёл зўравондан кета олган ва унда мутахассис билан ўз устида ишлашга маънавий кучи бўлса.

Зўравонлик даврийлиги

Зўравонлик даврийлиги мавжуд бўлиб, у қурбоннинг зўравон билан қолиш механизмини кўрсатади.

  1. Норозилик. Абьюзер аёлнинг ўзини тутиши, гаплари, қарашларидан норози. У кўпинча ёки деярли ҳар доим ноҳақ.
  2. Агрессия. Норозилик кучаяди ва ҳақорат, жанжаллашиш, итариш ва баъзан калтаклашга ўтади. Бунда аёл кўпинча кетиш ёки органларга ариза беришга қарор қилади.
  3. Асал ойи. Қурбонни йўқотмаслик учун, зўравон аёлни диққат-эътибори билан жалб қила бошлайди, ғазабланганлиги учун узр сўрайди. У аёлга абадий муҳаббат билан қасам ичади ва уни ташлаб кетмасликни сўрайди, ҳамма нарса ўзгаришини ваъда қилади.

Ва … аёл энди ҳамма нарса бошқача бўлишига ишонади. Бундан ташқари, у ўзини эрини ғазаблантиргани учун айблай бошлайди: «Агар ўзимни тўғри тутганимда / уйларни тозалаганимда / яхшироқ овқат пиширганимда / ўзимга қараб юрганимда…» У янада яхши хизмат қилишга, зўравоннинг истакларни олдиндан кўра билишга ҳаракат қилади, ва бунда ўзининг ҳис-туйғулари ва қарашларини четга суради. Ва ўзини яхши тутса, муносабатлар аввалгидай гўзал бўлишига ишонади.

Аммо муаммо шундаки, учинчи босқич – “асал ойи”дан кейин доимо биринчи босқич – норозилик бошланади. Шунинг учун мутахассислар буни «зўравонлик даврийлиги» деб аташади: норозилик-тажовуз-асал ойи-норозилик-тажовуз-асал ойи-норозилик…

Ташқаридан қараганда аёл аввал эрининг калтаклашидан шикоят қилади. Кейин аризасини қайтиб олиб, ҳаммаси яхши эканлигига ишонтиради. Одамлар унга ишонмай қўяди, бундай муносабат аёлга ёқяпти ёки у алдаяпти ёҳуд бошида муаммолар бор деб ўйлашади. Абьюзерга эса одамларнинг шундай ўйлаши қўл келади.

Энг ёмони шундаки, зўравонлик даврийлигида фазалар давомийлиги вақт ўтиши билан ўзгариб туради. Муносабатлар аввалида энг узоқ давр – бу асал ойи. Вақт ўтиши билан у жуда қисқа бўлади. Шу билан бирга, тажовузкорлик босқичи чўзилиб кетади: калтакланиш тез-тез ва кучлироқ бўлиб, кечирим сўраш кам учрайди. Вазият шу даражага етиши мумкинки, жабрланувчининг ҳаёти кунлик калтакларга айланади ва асал ойи умуман йўқолади. Агар аёл ажрашиш ва алоқани узишни истаса, у аслида қаттиқ калтакланиши ёки ҳатто ўлдирилиши мумкин. Абьюзердан қутулишга уриниш қабристон билан якунланиши мумкин …

Ҳали ҳам улар нега кетмайди, деган саволни беряпсизми? Зўравонлик қурбонига қандай ёрдам беришингиз мумкинлигини ўқинг ва унга хавфсизлик режалари ҳақида айтиб беринг.