NeMolchi.uz

Номус масаласи аёлга қанчалик муҳим бўлса, эркак учун ҳам шунчалик муҳим бўлиши шарт

Номус масаласи аёлга қанчалик муҳим бўлса, эркак учун ҳам шунчалик муҳим бўлиши шарт

Куни кеча Қашқадарёлик Моҳинурнинг ўлими ижтимоий тармоқни ларзага келтирди. Ёшгина ниҳол эркак зўравонлиги, иснодга қолиш қўрқуви қурбони бўлди. Уни зўрлаган 4 фарзандли эркакка “гап-сўзга қолмайлик” деб иккинчи хотин қилиб эрга беришган. Бир муддат давом этган келишмовчиликлардан кейин Моҳинур яшаб турган квартирасида ўлик ҳолда топилган.

Ҳодисада инсонни ажаблантирадиган нарсалар кўп. Мени энг кўп қонимни қайнатган хусус уни зўрлаган инсонга эрга беришлари бўлди. Сенинг номусингга теккан инсонга, аслида жиноят қилган инсонга шармандаликдан қўрқиб бериб юборишлари мен учун дахшатдан бошқа нарса эмас. Жамиятимиз, афсуски, зўрланган қизларга яхши қарамаслигини биламан, фақат охирги пайтларда аёллар мавқеининг кўтарилиши, йигитларимизнинг ўқимишлилик даражаси ортганлигини инобатга олиб, бу масалага оид кичик бир тадқиқот ўтказишни хоҳладим. Шу сабаб Twitter тармоғида бир сўровнома ўтказдим. Нега айнан Twitter да? Twitter тармоғини танлашнинг асосий сабаби сўровноманинг аноним тарзда ўтказилиш имконидир. Кейин Twitter да бошқа тармоқларга нисбатан очиқ фикрловчи ёшларнинг кўплиги (шундай дейишади). Яна бир сабаб у ерда актив ёшлар бошқа тармоқларга нисбатан кўпроқ туюлди. Албатта менинг экспериментим ҳеч қандай илмий аҳамиятга эга эмас, бутун ўзбек жамиятимизнинг масалага ёндошишини ифода этади деб ҳам айта олмайман. Лекин шундай бўлса ҳам, натижалар ўйланишга мажбур қилди ва ушбу мақолани ёзишга ундади.

Хуллас, зўрланган қиз ҳақиқатдан ҳам нормал шартларда зўрлаган инсон эмас, бошқа эркак билан турмуш қура олиш имконига эга бўлмайдими? Ҳали уйланмаган йигитлар учун бўлажак аёлининг номусининг топталган бўлиб-бўлмаганлиги не чоғли муҳим, шуни билиш мақсадида сўрадим: Номусига тегилган қизга уйланармидингиз? (Бошқа барча параметрлари сизга мос келяпти, фақат зўрланганини ҳамма билади).

Сўровномада иштирок этган 526 кишидан 121 таси “уйланардим” деб жавоб берди. 327 киши “уйланмасдим” ва 79 киши “ота-онам рози бўлмайди” жавобини танлашди. Тўғриси, натижалар мени ажаблантирмади. Ҳатто 121 кишининг уйланардим деган жавоби севинтирди ҳам. Мени ажаблантирган шу сўровноманинг тагида ёзилган баъзи изоҳлар бўлди. Кўпчилик аввало зўрлашда қиз тарафни айблаган. Ҳатто менга игна ва ип ҳақидаги ривоятни бот-бот мисол келтирганлар бўлди (Ўзим биринчи марта эшитдим: Бир қозининг олдига зўрланганини даъво қилган қиз ва йигитни олиб келишса, қози қизга игнани, йигитга ипни бериб, игнага ипни ўтказишни буюрган экан. Қимирлатмай ушлаб турган қизнинг қўлидаги игнага осонликча ип ўтибди. Қози энди яна шу ишни игнани қимирлатиб турганда қилишни буюрибди. Бу сафар йигит қанча урунмасин, ип игнага ўтмабди. ШЕДЕВР!).

Хуллас, қизни айбдор қилганлар ҳам бўлди. Зўрланган вазиятни кўриб чиқиш шарт, қизда ҳеч мойиллик бўлганми — йўқми, деганлар ҳам. Ҳақиқатда зўрланган бўлса ҳам унга энди “ит теккан ош” деганлар ҳам бўлди. Зўрланган қизнинг ўзи маънан ҳали уйланмаган йигитга эрга тегишга ҳаққи йўқ деганлар ҳам бўлди. Балки иккинчиликка олардим, биринчиликка олмасдим деганлар ҳам йўқ эмас эди. Ҳатто ўзини асраган қиз ҳеч қачон зўрланмайди, уни доимо Аллоҳ асрайди, менинг аёл-қизларим ҳеч қачон зўрланмайди, жавоб, деганлар ҳам учради.

Тўғриси, кимга уйланиб-уйланмаслик ҳамманинг ўз иши, бунга эътирозим йўқ, фақат зўрланган қизларга нисбатан бундай қараш мени энг юмшоқ сўз билан айтганда, ажаблантирди. Натижалар яна бир сўровнома ўтказишга ундади. Аёлнинг номуси шунчалик муҳим экан, эркаклар ҳам номусига шу даражада эътибор беришармикин? Бу сафар фақат уйланганларга эмас, ҳамма эркакларга савол билан юзландим: Тўйдан олдин жинсий алоқа қилганмисиз?

584 кишидан 333 киши йўқ деб жавоб берди. 251 киши ҳа жавобини танлади. Натижалардан баъзи эркакларнинг ўзлари ажабланди ва кўпчилик йўқ жавобини танларкан, холис бўлмаганини айтди. Айтганимдек, бу жавоблар бутун жамиятнинг ҳолини ифодаламайди, лекин яна да жамиятга ойна тутади. Аёлларнинг номусига эътибор билан эркакнинг номусига эътибор орасида жуда катта фарқ бор. Мана шу сўровнома олдингисидан кўпроқ норозиликларга сабаб бўлди. Қоғозга ўрамай сўраганимдан ҳижолат бўлганлар, мендай муслимага бундай сўровнома ўтказиш ярашмаслигини, ҳатто бундай сўровнома билан ч****б қўйганимни (узр) айтганлар бўлди.

Кўриб турганимиздай, баъзи масалаларда очиқ гаплашишга тайёр бўлмаган инсонларимиз бор. Ҳали ҳам жамиятимизда табу масалалар бор ва бу муаммоларга олиб келяпти. Бошқа тарафдан, номус масаласи жамиятимизда ҳали ҳам анча аҳамиятли. Бу албатта ахлоқ нормаларимизга эътибор баландлигини кўрсатади. Лекин, номус ва иффатни асраш фақатгина қизларнинг гарданига илиб қўйилган. Тўйдан олдинги жинсий яқинликда икки киши иштирок этишига қарамай, фақат қизларни айблаш кенг тарқалган. Ихтиёрий яқинликку майли, зўрланган қизларга ҳам айбдор сифатида қарш давом этаркан, бу билан зўрлик ишлатганни жамият оқлаган бўлади ва бу ҳолатлар давом этаверади. Жинсий яқинлик ҳеч қачон бир томонлама бўлмайди. Унда икки киши қатнашади. Номус масаласи аёлга қанчалик муҳим бўлса, эркак учун ҳам шунчалик муҳим бўлиши шарт. Қуръонда номусини асраш чақириғи аввало эркакка хитоб билан бошланган ва кўзларни ҳаромга қаратмаслик буюрилган. Ғунажин ва буқа ҳақидаги мақоллар, игна-ип ҳақидаги ривоятлар эркакларни оқлаб, бутун айбни аёлга ағдаришдан бошқа нарса эмас. Унутманг, ип иллоки игнага ўтказилиши шарт эмас. Ипсиз игна минг қимирласин-қимирламасин мато тика олмайди!

Номус масаласи аёлга қанчалик муҳим бўлса, эркак учун ҳам шунчалик муҳим бўлиши шарт Номус масаласи аёлга қанчалик муҳим бўлса, эркак учун ҳам шунчалик муҳим бўлиши шарт

Feruza Izzat

 

Оставьте комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

ru_RURU
uz_UZUZ ru_RURU
ru_RU