Уй зўравонлиги қурбонларига ёрдам беришда унинг яқинлари учун қўлланма

Дугонангиз уйдаги зўравонлик қурбони бўлганини билсангиз нима қилиш керак? Унга қандай ёрдам бериш керак? Ва дугонангиз бутунлай ўзини йўқотиб қўймаслиги учун нималардан қочиш керак?

Яқин инсонингиз зўравонликка учраган бўлса, буларни билиш жуда муҳим

  • Кўплаб зўравонлик қурбонлари ўзларини ёлғиз ҳис этадилар, улар вазиятдан қандай чиқиш мумкинлигини билишмайди. Бундай вазиятда нима қилиш кераклигини билсалар-да (милиция, кризис марказига мурожаат қилиш), бунинг учун ўзларида куч топа олмайдилар. Шунингдек улар зўравоннинг ўч олишидан қўрқиб, адолат қарор топишига ишонишмайди.
  • Сизга бу муаммо ҳақида гапиришдими – қурбонни қўллаб-қувватланг. Унинг бу қадами таҳсинга лойиқ. Дугонангизни диққат билан тингланг, унга ҳавфсиз муҳитни таъминлаб беринг, яъни сизнинг ёнингизда уни ҳеч ким танқид қилмаслигига ишонч ҳосил қилсин.
  • Зўравонлик қурбони тавсияларингизга амал қилмаслиги мумкинлигини инобатга олинг, бунга қўрқув ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ўзларида куч топа олмагач (масалан, хаётларини ўзгартириш учун), янги вазифа улар учун иложсиздай туюлади. Ўзгаришларга эса на тоқат, на куч бор. Маслаҳатларингизни рад этишдими – қўл силтаб, дугонангизни айбламанг.
  • Уй зўравонлиги қурбонлари ўзларини ҳимоясиз ҳис қиладилар, гўё улар ундан ҳеч ҳам қутула олмайдигандек. Қайсидир бир пайтда улар вазиятни ўзгартириш мумкин эмас, ҳеч нарса қила олмайман, деб ўйлайди. Шунинг учун улар ёрдам ва маслаҳатдан бош тортишлари мумкин. Мажбурлаш ёки қоралаш орқали сиз ҳеч нарсани ўзгартирмайсиз. Билингки, баъзида қарор қабул қилиш учун йиллар керак бўлади. Сабр қилинг ва яқин бўлинг.

Зўравонлик қурбонини қандай қўллаш мумкин

  • Сиз унинг ёнида эканлигингиз, у ҳақида қайғураётганингизни билсин:
  • Муаммонг ҳақида айтиб берганингдан хурсандман.
  • Бошингдан кечираётганларинг – даҳшатли.
  • Буларни бошингдан кечираётганингдан афсусдаман.
  • Хавфсизлигинг учун ҳавотирдаман.
  • Азизам, бўлаётганларда заррача айбинг йўқ.
  • Дугонангиз сизга ишониши мумкинлигини кўрсатинг:
  • Нима ёрдам бера оламан?
  • Ўзингни хавфсиз ҳис қилишинг учун нима керак?
  • Сенга қандай ёрдам бера оламан?
  • Шунча пайтдан бери буни қандай уддаладинг?
  • Ҳозир нималар бўлаётгани ва унга нима кераклиги ҳақида сўранг:
  • Қандай хавфсиз жойга бориши мумкин? Унга кризис марказлари, рухшунослар, милиция, оммавий ахборот воситалари рақамларини беришингиз мумкин. Ҳатто бирга у ерга қўнғироқ қилишингиз мумкин.
  • Унга нималар керак? Балки кийим керакдир ёки янги иш топиш керакдир. Ёҳуд янги касб эгалламоқчими? Бундай аёлларга бепул ҳунар ўргатиб, ишга жойлашда ёрдам берувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари бор.
  • Зўравоннинг ҳатти-ҳаракатларини муҳокама қилганда уни асло оқлашга ҳаракат қилманг. Шунда дугонангиз қурбон ролидан чиқиб, мустақил қарор қабул қила олади.
  • Зўравонликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини бот-бот такрорланг. Масалан: «Сен бутун умр овқатга кўп туз солишинг мумкин, лекин бу сабаб ҳеч кимга сени уриш ҳуқуқини бермайди».

 

________________

#Сукутсақлама #SukutSaqlama #ЗўравонликданҲолиЎзбекистон #ЗўравонликҚурбонлари #Кўмак