Болалар учун ким масъул?!

Эр-хотин ва уч нафар фарзанддан иборат оила. Кичиги – 2, каттаси – 7 ёш. Эрига уйдан туриб ишлашга рухсат беришди, лекин ҳар замонда офисга чақириб қолишлари мумкин.Аёлга бундай имконият берилмади, у ҳар куни уйдан ишга чиқиб кетади.

Мамлакатда мактаб ва боғчалар карантинга ёпилди. Шунинг учун кундузи болалар уйда дадаси билан қолишади. Бир куни отани ишга чақириб қолишди ва у ҳеч кимни огоҳлантирмай, болаларни уйда ёлғиз қолдириб кетади.

⚠️ Она соат 6 дан кейин уйга қайтяпти ва ўртанча боласи 4-қаватдан тушиб кетай деб турганига гувоҳ бўлади.

Бу вазиятда аёл фақат ўзини айбламоқда. Негаки фарзандлар фақат аёлнинг иши – улар ҳақида она қайғуриши керак.

Тушунаман, мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда карантин эълон қилингач, кўплаб ота-оналар иложсиз қолди. Болаларни ташлаб кетадиган одам йўқ, ўз ҳисобидан таътилга чиқиш ҳам оила бюджетига мўмайгина таъсир қилиши мумкин.

‼️Лекин шу билан бирга бизда болалар ва бошқа ўзи ҳимоя қила олмайдиган шахсларни қаровсиз қолдирганлик учун жавобгралик бор‼️

ЎзР Жиноят кодексининг 117-моддаси.

Ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, башарти, айбдор бундай аҳволдаги шахсга ёрдам бериши шарт ва бундай имкониятга эга бўлса ёхуд айбдорнинг ўзи жабрланувчини хавфли аҳволга солиб қўйган ва бу ҳол баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига олиб келса, уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Оила Кодексининг 71-моддасида эса ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эканлиги қайд этилган.

Фарзандларнинг хавфсизлиги учун ота ҳам, она ҳам масъулдир.