ТОМОШАБИН

Ўшанда 5- ёки 6- синфда ўқирдим. Бир куни тандирда нон ёпаётган (раҳматли) онамнинг ёнида эдим. Уйимиз қишлоқ маркази, асосий магазин майдони ҳудудида эди. Бирдан дарвозамиз яқинида шовқин-сурон кўтарилди. Югурдим. Чиқсам, чап ён қўшнимиз Маҳмуд ака билан унинг ён қўшниси Эргаш ота муштлашиб ётибди…
Эмишки Маҳмуд ака Эргаш отанинг ўртадаги еридан қўшиб олганмиш…

Иккиси бир-бирини ўлдириб қўядиган даражада , аммо атрофда йиғилган 30дан ортиқ эркак – аёлнинг бирортаси уларни ажратай демасди. Улар воқеани шунчалар берилиб томоша қиларди – ки, ҳали болалик онггим билан ҳайратда қотгандим.

Бир пайт Эргаш ота юз-кўзи қон важоҳат билан уйига чопди. Катта қора ов милтиғини кўтариб чиқди.
Ундан 5,6 метр узоқликдаги Маҳмуд акани нишонга оларди. Шу пайт қаердандир дадам раҳматли келиб қолиб Маҳмуд акани уйига судрай бошлади. Оғзига келганин
айтиб ғазабдан «бўкираётган» Маҳмуд ака дадамга қулоқ солмасди. Эргаш отанинг милтиғи нишонда, биров олдига бориб «қўйгин шуни» демасди. Мен дадамга отилдим. Эргаш ота дадамни ҳам отиб қўйиши мумкин эди.
Дадамни қўлларига осилиб олгандим, уйга юринг деб, қўрқиб кетгандим.

Шу орада Эргаш ота милтиқнинг тепкисини босди.
Маҳмуд акани оёғидан отиб қўйди. Мен даҳшат ичида қолгандим , Маҳмуд ака ҳушидан кетти . Кейин одамларнинг ғала – ғовурлари…
Кўзимни очганимда дадам мени кўтариб уймизга олиб кирган, онам ўриб қўйган лентали узун сочларим юзим аралаш ҳўл, сув сепилган эди.
Дадам «бунга тўполонда нима бор экан » деб асабийлашар, онам қўл – оёқларимни уқалаб ўтирарди.

Тўполонда дадам бор эди. Ҳеч ким юрак ютиб ажратолмаган, қўшнилар даҳанаки жанггини мириқиб томоша қилаётган жойда менинг довюрак раҳматли дадам бор эди…

Орадан йиллар кечди. Улғайдик.
Ҳаётимда кўплаб одамларимизнинг бунақа бефарқлик, томошабинлиги «саҳналари» ни кўравериб, кўникиб ҳам кетдим.

Фақат бошқа давлатларга борганимда йўлда биров йиқилиб тушса ёрдамга учиб – отланган атрофдагиларни кўрганимда, биронта аёл кўчада йиғлаб турганини кўрса «сенга нимадир бўлдими?
Кел ўтир, ол сув ич, нима ёрдам берай»? деб турган одамларни кўрганимда, йўл ёки манзил сўралса ҳатто ўша ерга олиб бориб қўйишга шайларни кўрганимда кўксим ачишаверади.
Истанбулда боламнинг ўйинчоғи қолиб кетган минибус орқага қайтиб келиб, «ўйинчоғим» деб йиғлаётган ўғлимга ўйинчоғини узатганда ва минибусдаги одамлар боламга қўшилиб қувонганда кўзларимдан ёш сизиб чиққанди…

Мен қачондир одамларимиз (албатта ҳаммаси эмас томошабин) томошабинликдан воз кечишига умид қиламан…

Noila Holmuhammad саҳифасидан олинди