«Бир кун у ё мени ё болаларимни нимадир қилиб қўяди…»

Бошим қотган… Эримдан кўнглим қолган, бунга сабаблар кўп. Ҳозирги кунда ўртамизда совуқчилик тушган, мен ундан ажралишни хоҳлайман, лекин у қўйвормаяпти. Мени ёки болаларни ўлдиришини айтяпти, кўп ичганига бундай қила олишига шубҳам йўқ.
Бундай хаётдан чарчадим. Тинч, ҳотиржам яшашни хоҳлайман. Фарзандларим ҳам безиллаб бўлган, ҳар куни жанжал, босим остида яшаш жуда қийин. Турмуш ўртоғим ота-онаси, яқинларига ҳам қулоқ солмайди, ҳаммасини “на принцип” қилади, характери шунақа.
Биласизми, бизнинг аёлларимиз уйдаги гапни кўчага олиб чиқишдан, гап-сўз бўлишдан қўрқиб, нималарга чидашяпти, менга ўхшаганлар қанча… Мен бир нарсага ҳайронман, нимага шу ичкиликни ишлаб чиқаришни тўхтатишмас экан. Ахир қанчадан-қанча фожиаларга олиб келяпти бу?
Мен биламан, бир кун у ё мени ё болаларимни нимадир қилиб қўяди. Шундан қўрқаман. Менга ёрдам бероладиганлар борми. Буларнинг ҳаммасини тинч йўл билан хал қилса бўлармикан?! Унинг ўч оладиган одати бор. Уйимиздагиларга ҳам яхши гапириб, олиб келиб ҳаммасининг аламини олволарди….