«Бизни хўрлаб, ўзга юртда ташлаб кетди». Россияда фарзандлари билан ёлғиз қолдирилган аёллар ҳикояси

“Кун.уз” таҳририяти муҳбирлари Россияга сафари давомида ўзга юртга бориб, ҳаётда ўз ўрнини топган ватандошлар билан учрашишдан ташқари, Россияда ижтимоий муаммоларга дуч келган, ёрдамга муҳтож бўлиб қолган, эри ташлаб кетган ёки ўзлари фарзандлари билан ёлғиз қолган аёллар билан ҳам учрашди.
Кун.узда ёзилишича, Г.М асли фарғоналик бўлиб, бир неча йилдирки, Россиянинг Самара области, Сизрань шаҳрида истиқомат қилиб келмоқда. Унинг қарамоғида 6 нафар фарзанд бор. Бугунги кунда унинг бошига жиддий ташвиш тушган: ватанга қайтишнинг чорасини қила олмаяпти. Ўзбекистонга қайтиш учун ҳужжатларни тўғрилашга ҳам маблағ орттира олмаяпти.
Шу йилнинг ноябрь ойи бошида турмуш ўртоғи Ҳ.М. Фарғона вилоятига қайтгач, оиласидан ажрашиш фикрига тушиб қолган. Икки ўртада 5 қиз ва 1 ўғил бор. Улар бугунги кунда онаси билан Сизранда истиқомат қилиб келмоқда. Аёл кўп йиллар қийналиб, ҳаётнинг оғир-енгил кунларини биргаликда ўтказиб, шу ёшга етганида бу кўргиликка дуч келиб турибди.
«Эрим 8 ноябрь куни енгил машина орқали Ўзбекистонга кетди. Телефонлашиб турдик. Бироз вақт ўтгач, қайнонам 5 қизни чиқаришнинг ўзи бўлмайди, ажрашасан, деб ўғлини кўндирибди. Энди ажрашаман деб турибди. Мен бир неча марта президент виртуал қабулхонасига ҳам ёздим. Эрим мени хиёнатда ушлаб олганини айтиб юрибди. Қани ким билан ушлаб олибди? Исботлаб берсин, майли ажрашсин. Ўзбекистонга кетай десам, моддий имконим йўқ. Олти бола ва ўзимга чипта пули керак. Ҳужжатлариям жойида эмас», дейди аёл.
Г.М. бугунги кунда шаҳарнинг кўп қаватли уйларига коммунал хизмат кўрсатувчи фирмалардан бирида ишлайди. Вазифаси ўзига бириктирилган кўп қаватли уйларнинг ҳовлиси, теварак-атрофини ораста сақлаш. Ойлик маоши 20 минг рублни ташкил этади. Патент ва ижара тўловларидан сўнг, 6 фарзанди билан ҳисоблаганда 7 жон учун 10 минг рубль (155 АҚШ доллари)дан кўпроқ маблағ қолади, холос.
Kun.uz мухбири Ўзбекистонда Г.М.нинг турмуш ўртоғи билан боғланди. У фарзандлари «отам деб келса, уларнинг кўкрагидан итармаслигини, бироқ турмуш ўртоғи билан бирга яшамаслиги»ни билдирди. У хотини айнан ким билан хиёнат қилгани, онаси уни қайтадан уйлантирмоқчи бўлаётганининг сабаби ҳақидаги саволларга жавоб бера олмаслигини айтди.
Кун.уз муҳбирининг ёзишича, Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар билан суҳбатда бўлганизда ҳам Россияда Ўзбекистондан оиласи билан келиб, ажралиб кетаётганлар кўплигини айтишди.
P.S.: Айни вақтда Г.М. 6 фарзанди билан Сизранда қолмоқда.

Манба: https://kun.uz/news/2020/01/17/bizni-xorlab-ozga-yurtda-tashlab-ketdi-rossiyada-farzandlari-bilan-yolgiz-qoldirilgan-ayollar-hikoyasi